Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
--
— Агар Рюриковичлар туркийлар бўлган бўлса, Иван Грозний нима учун Қозон хонлигини йўқ қилган?
— У хонликни ҳақиқатан ҳам йўқ қилганми? Сизнинг саволингизда Москва ва унинг ҳукмдорларига қўрқинчли куч бағишлаш учунгина ўйлаб топилган Россия тарихининг акс-садоси эшитилади.
Мен Қозоннинг қулаши ҳақидаги бобни ёзишга киришишдан олдин воқеалар устида мулоҳаза юритдим ва, табиийки, менга қизиқарли туюлган бир ҳолатга эътибор қаратдим: Москва Қозонга юриш қилган даврда унинг қўшини умуман бўлмаган. Ҳеч қандай қўшин бўлмаган! Москва камончилари фақат 1572 йилда пайдо бўлган, Москва князи эса Қозонга 1545 йилда, яъни ўн беш ёшида йўл олган. Шундай экан, Москва номидан ким жанг қилган, деган савол туғилиши муқаррар эди.
Иван Грознийнинг таржимаи ҳолини аниқлаштирдим. Маълум бўлишича, русларнинг «ёвуз ҳукмдори» Қозон юришига ўсмирлиги сабабли мутлақо ҳарбий тажрибасиз борган экан. Ўшанда унинг юзини соқол эмас, ўсмирликка хос майин туклар қоплаган эди. Бу ҳолат мени Қозоннинг забт этилиши ҳақидаги адабиётларни диққат билан ўқишга, маълум далилларни қайта текширишга ва уларга шубҳа билан қарашга мажбур қилди.
«Рус» қўшинини Қозонга қозон хони Шоҳ Али бошлаб боргани ҳақида ўқиганимда, тўғриси, кўзларимга ишонмадим. У Қрим хонининг тарафдори бўлган мусулмон Сафо-Гирей томонига ўтиб кетган, ўзига хиёнат қилган мурзалар ва беклардан қасос олишни истаган экан. Қисқа ва содда қилиб айтганда, уруш тарих дарсликларида ёзилганидек, дин ёки ҳокимият учун эмас, балки бор-йўғи битта аёл учун бўлган. Унинг исми Суюмбика эди. Ғолиб бўлган хон Шоҳ Алига айнан шу аёл насиб этган. Бу воқеаларнинг Иван исмли Москва князи, ҳали мурти чиқмаган болага умуман дахли йўқ.
Қозонга Қрим татарлари босқин қилган, улар «рус» қўшинини ташкил этган. Дон татарлари эса шаҳар девори остида ерости лаҳмини қазиб, уни портлатганлар. Деворда очилган тешиклардан шаҳарга ёриб кирган ҳужумчилар ишни ими-жимида якунлаганлар. Уларнинг орасида рус аскарлари бўлмаган, чунки ўша пайтда бундай аскарлар табиатан мавжуд эмасди. Одатда бўлганидек, ғолибни кимдир олқишлаган, бошқалар эса ундан нафратланган. Аммо ғолиб деб, албатта, Иван Грознийни аташмаган. Унга «Грозний» — «қўрқинчли» деган ном кейинроқ, Қозон юриши ҳақидаги даҳшатли воқеалар ўйлаб топилаётган пайтда берилган.
Энг ҳайратланарлиси эса шуки, қозон татарлари ҳали ислом динини билмаганлар. Улар ўша даврда ҳам Тангрига эътиқод қилганлар. Ислом тарғиботчилари бу ерга келишга энди тайёрланаётган эдилар, уларнинг йўли Қрим орқали ўтарди. Аҳолининг исломни оммавий қабул қилиши Россиядаги черков бўлинишидан кейин, 1570-йилларда бошланган. Мен бу ҳақда ўзимнинг янги китобимда ҳикоя қилдим. Қозон татарлари эса бунинг учун менга кечира олмаяптилар, чунки уларнинг тарихга қараши ҳозирча бутунлай бошқача. Пётр I даврида Россиянинг бош мафкурачиси бўлган Яков Брюс чизиб берган тарихий тасаввурлардан кўзлари боғланган қозонлик олимлар кўзларидаги боғични ечишни истамайдилар.
Кўр ҳолда яшашни афзал кўрадилар, ахир бундай яшаш қулайроқ.
Яна бир бор таъкидлайман: ҳар қандай туркий ўрда каби, Қозон хонлигида ҳамиша Умай иконаси бўлган. Умай бу ерда кераксиз бўлиб қолгач, уни насронийларга беришган. насронийлар эса бу иконани Қозондаги Божия Мать — Худонинг Онаси иконаси деб аташганлар. Бунинг ўз тарихи бор, у турли афсоналар билан ўраб-чирмалган бўлса-да, тарихчиларга етарлича яхши маълум.
Икона — Қозон хонлиги туркийларининг осмоний рамзи. У уларнинг эътиқоди ҳақида гувоҳлик беради. Профессорлик либосини кийган айрим кишилар эса айнан шу эътиқодни инкор этишга уринмоқдалар.
— Унда Иван Грозний ёки Пётр I ҳам ўйлаб топилган шахсларми? Агар шундай бўлса, нима учун айнан Пётр Европага дарча очган, Россия жамиятида улкан ислоҳотларни амалга оширган?
— Кечирасиз, мен ҳеч қачон Иван Грозний ёки Пётр I, ёхуд Москва ҳукмдорларидан бошқа бирор киши ўйлаб топилган шахслар, деб айтмаганман. Ўйлаб топилган нарса — улар гўё амалга оширган ишлардир. Бу эса бутунлай бошқа масала. Масалан, Куликово жанги қаҳрамони Дмитрий Донскойни олайлик. Унинг қаҳрамонлиги ҳам совун пуфагидан бошқа нарса эмас. У ҳатто қўлига қилич ҳам ушламаган. Маълумки, 1380 йилда Москва князлигининг жанубий чегараси Москва дарёси бўйлаб ўтган. Дарёнинг нариги соҳилида эса Татари́я мамлакати жойлашган эди. Ўша даврдаги жуғрофий хариталар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва жой номлари бу ҳақда маълумот бериб турибди.
Бу мамлакат Кавказ ва Қримгача чўзилган эди. Мазкур мамлакат IV асрда Дашти Қипчоқ номи билан пайдо бўлган. Ботухон даврида уни Олтин Ўрда деб аташган, европаликлар эса Татария, халқнинг ўзини татарлар деб номлаганлар. Дон, Рязань, Белгород, Курск ва бошқа ҳудудларнинг ўз татарлари бўлган. Уларнинг шаҳарлари Кипензай, Тулу, Бурунинеж, Қурсиқ, Биринчи, Симбир, Соритов деб аталган.
Бу ерда ҳайрон қоларли ҳеч нарса йўқ. Орёл, Рязань ёки Тула шаҳарларидаги қадимий қабристонлар ҳанузгача татар қабристонлари сифатида маълум. Чунки ўша даврда бу ерларда бошқа халқ вакиллари умуман бўлмаган. Ўша давр ҳақида жуда кўп афсоналар сақланиб қолган. Улардан бири Куликово майдони ҳақидаги афсона бўлиб, у XVII асрда тўқиб чиқарилган. Ўшанда Пётр I Ғарб олимларини Россия тарихини ёзишга таклиф қилган, улар эса воқеаларни бир-бирига мантиқан боғлашга ҳам уриниб ўтирмай, ўзларича тарих ёзганлар. Русларнинг ўз қўшини бўлмаган. Унда жанг ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Қандай Куликово майдони? Ўрда билан тузилган шартномага кўра, уларнинг ёшлари хон қўшинида хизмат қилганлар.
Жиддий тадқиқотчилар эътибор қаратганидек, Куликово жангига оид моддий далилларнинг йўқлиги ҳам айнан шу билан изоҳланади. Куликово жанги бошидан охиригача уйдирма эканини Н. М. Карамзин ҳам ўзининг «Россия давлати тарихи» асари V жилди I бобининг 81-изоҳида маълум қилган. Бу эҳтиёткор тарихчи жангнинг «манбалари»ни таҳлил қилар экан, ўзини тута олмасдан : «Нақадар бемаънилик!» дея хитоб қилган. Ахир «Куликово жанги» ғоясини русларга немис олими Кранц таклиф қилган эди. Аниқроғи, унинг XV асрда ёзилган «Вандалия» китоби.
Унда 1380 йилда руслар билан ўрда қўшинлари ўртасида Кўксув дарёси бўйида бўлиб ўтган жанг тилга олинган. Унда руслар ғалаба қозонган эмиш... Аммо ўша даврдаги одатга кўра, немис муаллифи руслар деб норманларни, яъни бир вақтлар Литва князлиги ҳудудига келиб жойлашган шведларни атаган. У жуғрофиядан ҳам хабардор бўлган ва Кўксув дарёсининг Жанубий Буг дарёси ирмоғи эканини кўрсатган. Бошқача айтганда, китобда ҳозирги Украина ҳудудида бўлиб ўтган жанг ҳақида гап кетган. Аслида эса бу чорва моллари сабабли юзага келган чегаравий тўқнашув бўлганди.
Бироқ Пётр I Россия қаҳрамонона тарихга эга бўлишини истарди.
Ва пировардида у бундай тарихга эга бўлди.
Татаристон. 2004 йил декабрь.
Абдумажид АЗИМ таржимаси
Леонид Бахтин саҳифасидан

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев