Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
Ушбу суратдаги парадокс шундаки, ҳижоб фақат ташқи кўриниш ва кийинишга оид битта диний ҳукмга айлантириб қўйилмоқда.
Гўёки аёл ҳижоб ўраб, айни вақтда ўзининг исломий эътиқоди, шахсияти, садоқати ва мансублигидан бутунлай ажралган ҳолда бошқа маданият, бошқа ҳаёт қараши ва бошқа қадриятлар тизимини қабул қилиши мумкин бўлгандек.
Гўёки унинг айтаётган гапи қуйидагича: «Мен ҳижоб ўрайман, лекин мен данияликман. Менинг садоқатим Данияга қаратилган, менинг шахсиятим даниялик, мен Дания бош вазири каби данияликман, ҳатто ундан ҳам кўпроқ данияликман!»
Парадокс ва мантиқий хато айнан шу ерда намоён бўлади.
Исломда ҳижоб фақат ижтимоий анъана, маданий урф-одат ёки иймондан ажратилган шахсий эркинлик масаласи эмас.
Шунингдек, у жамият ишлари, сиёсат, бошқарув тизими ёки инсоннинг ҳаётга бўлган қараши билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, руҳоний ва фақат маънавий хусусиятга эга диндаги алоҳида диний ҳукм ҳам эмас.
Ҳижоб инсоннинг борлиққа, ҳаётга ва инсонга бўлган қарашини шакллантирадиган ақидага асосланган, ўзаро боғлиқ исломий қадриятлар тизимининг бир қисмидир.
Бу эса, ўз навбатида, унинг тушунчалари, қадриятлари, қарашлари, муносабатлари, садоқати ва мансублигини ҳам шакллантиради.
Муаммо мусулмон аёлнинг Дания фуқаролигига эга бўлиши ёки Данияда яшашида эмас. Бунинг ўзи Исломга зид эмас.
Муаммо у данияликликни ва секуляр, либерал Дания маданиятини ўз шахсияти, садоқати ва мансублигининг асосига айлантирганида, шу билан бирга, ҳижобни ўзи келиб чиққан эътиқоддан ажратиш мумкин деб ўйлаганида ва бир-бирига зид бўлган икки ҳаёт қарашини ҳеч қандай зиддиятсиз бирлаштириш мумкин деб ҳисоблаганида юзага келади.
Шахсият ва мансубликнинг маъносини тушунадиган инсон ўз садоқатини тупроқ, географик чегаралар, ирқ ёки тери рангига, шунингдек, маълум бир мамлакатда туғилгани ёки муайян халққа мансуб бўлгани каби тасодифий ҳолатларга асосламайди.
Буларнинг барчаси инсоннинг ўзи танламаган ҳолатлардир.
Шунинг учун улар инсоннинг бошқалардан устунлигини белгилаш ёки садоқат ва мансубликни ўлчаш мезони бўла олмайди.
Аллоҳ Қуръони Каримда айтади:
أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَىٰ وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا ۚ إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
«Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирингизни танишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида энг ҳурматлироғингиз энг тақводорроғингиздир».
(Ҳужурот сураси, 13-оят).
Демак, арабнинг ажамдан, данияликнинг арабдан ёки европаликнинг бошқа инсонлардан устунлиги йўқ. Инсоннинг қадр-қимматини белгилайдиган асосий мезон — тақво ҳамда у ўз ҳаётини асослайдиган иймон ва эътиқоддир.
Мусулмон учун дунёни баҳолашда асос қилиб олинадиган фикрлар ва қарашлар, садоқат ҳамда мансубликнинг ягона асоси Исломдир.
Аллоҳ айтади:
مَا وَلِيُّكُمُ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُمْ رَاكِعُونَ
«Сизнинг валийингиз фақат Аллоҳ, Унинг Расули ва иймон келтирганлардир». (Моида сураси, 55-оят).
Яна У Зот айтади:
قُلْ إِنَّ صَلَاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ ١٦٢
لَا شَرِيكَ لَهُ ۖ وَبِذَٰلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَا أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ ١٦٣
«Айтинг: Албатта, намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва ўлимим бутун оламларнинг Рабби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир. Мен мана шунга буюрилганман ва мен мусулмонларнинг биринчисиман». (Анъом сураси, 162–163-оятлар).
Масаланинг моҳияти ҳам айнан шунда: Ислом фақат инсон масжидда адо этадиган руҳий ибодатлар ёки кийиниши ва овқатланишида риоя қиладиган айрим ижтимоий қоидалардан иборат эмас. Қолган ҳаёт эса бошқа маданият, бошқа ақида ва бошқа қадриятлар тизими ихтиёрига ташлаб қўйилмайди.
Ислом — ақида ва ҳаёт низомидир. Мусулмоннинг Исломга мансублигини у яшайдиган мамлакатга қараб қисмларга ажратиб бўлмайди. Бу мансублик географик чегаралар ёки фуқаролик билан ўзгармайди.
Демак, мусулмон аёлнинг вазифаси ҳижобига қарамай даниялик эканини исботлаш ёки ҳижобини секуляр қарашдаги шахсият ва мансублик тушунчасига мослаштириш эмас.
Унинг вазифаси — ўз Исломи билан фахрланиш ва унинг садоқати, мансублиги ҳамда асосий таянч қарашлари ўзи туғилган заминдан ёки тасодифан яшаб турган чегаралардан эмас, балки ўз эътиқодидан келиб чиқишини англашдир.
Мана шу — Дания фуқаролигига эга мусулмон бўлиш билан секуляр данияликликни ўз шахсияти, таянч қарашлари, садоқати ва асосий мансублигига айлантирган мусулмон бўлиш ўртасидаги фарқдир.
Мунзир Абдуллоҳ

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев