Свернуть поиск
Дополнительная колонка
Правая колонка
#Дуо
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга:
«اللهم إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ جَهْدِ الْبَلَاءِ وَدَرَكِ الشَّقَاءِ وَسُوءِ الْقَضَاءِ وَشَمَاتَةِ الْأَعْدَاءِ»
"Аллоҳим мен Сендан қаттиқ машаққат-қийинчликлардан¹, бахтсиз бўлиб қолишдан², тақдиримда ёмонлик бўлишидан³ ва душманларга кулгу бўлишдан паноҳ сўрайман⁴",
деб дуо қилиб, Аллоҳдан мана шу нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрар эдилар.
(Бухорий, 6616, Муслим, 7052 ривояти)
Шарҳ.
1-Яъни: Инсоннинг сабр-тоқати етмай, бардош беролмайдиган қаттиқ машаққатлар.
2-Дунёдаги бахтсизлик гуноҳ-маъсиятларга ботиб, Аллоҳнинг тавфиқидан маҳрум қолиш, хусусан дунёдан Аллоҳ рози бўладиган амалларни қила олмай ўтиб кетиш.
3-Ўзимга, молимга, оилам ва дўст-биродарларимга ёмонлик тақдир қилинишидан ва дунёда иймонсиз ўтиб, охиратда бахтсизлик тақдир қилинишидан паноҳ сўрайман.
4-Бошимизга бир мусибат тушиб душманларга масхара бўлишдан паноҳ сўраман.
Манба: Ибн Ҳажар Асқалоний, "Фатҳул Борий", 11/149
🪻🪻🪻🪻🪻🪻🪻🪻🪻🪻
#Ҳадис_62
Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нон ва гўштга зинҳор тўймаганлар. Магар танглик-тиқилинч ҳолда (тўйганлар)”. Молик айтади: “Мен саҳролик бир кишидан (чунки, улар тилни яхшироқ билишади): “Танглик-тиқилинч ҳол нима (дегани)?” деб сўрадим. Шунда у: “Одамлар билан бирга таомланиш”, деб жавоб берди”.
Шарҳ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юмшоқ нонга, гўштга қоринлари тўймаган, у зот ва оила аъзоларининг асосий егулиги хурмо билан сув бўлган. Ривоят қилинишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир қавм олдидан ўтди. Уларнинг дастурхонида қовурилган қўй бор эди. Қавм аъзолари Абу Ҳурайрани (таомга) таклиф қилишди.
Абу Ҳурайра рад этди ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қоринлари арпа (унидан қилинган) нонга тўймаган ҳолда бу дунёдан ўтганлар”, деди
(Бухорий ривояти).
Ҳа, ҳолат шундай эди. Магар бирон жойда зиёфат бўлса, меҳмонга чақирилсалар ёки ўзлари меҳмон кутсалар, кўпчилик билан тансиқ таомлардан ердилар. Кўпчилик дегани таомдан кўра унга узатилувчи қўллар кўплигидир. Ана шундай вазиятда гўшт ва бошқа неъматлардан тановул қилардилар.
“Таҳорат китоби”да келтирилган қуйидаги ривоятлар орқали.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овқатланишлари ҳақида қўшимча маълумотга эга бўламиз:
1.Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қўйнинг қўлини едилар. Кейин (ўрниларидан) туриб намоз ўқидилар, лекин (қайта) таҳорат олмадилар.
(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривояти).
2.Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нон ва гўшт тайёрладим.У зот таомни еб бўлгандан кейин таҳорат суви олиб келишимни буюрдилар ва таҳорат олиб пешин намозини ўқидилар. Шундан сўнг ортиб қолган таомни сўраб, ундан едилар. Кейин яна намозга турдилар. Аммо таҳорат қилмадилар”
(Абу Довуд, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
3.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйнинг қўлини еб, кейин мазмаза қилганлар, икки кафтларини ювиб намоз ўқиганлар
(Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
4. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир ансория аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўй гўштига таклиф қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан ўша гўштдан едилар. Намоз вақти бўлганда у зот таҳорат қилдилар. Кейин таомнинг қолганини ейишди. Аср вақти кирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олмадилар”
(Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Байҳақий “Ас-Сунанул кубро”да ривоят қилган. Ривоят санади қавий-кучли).
Имом Аҳмад бундай деган: “Агар таомда тўрт (нарса) жамланса: (Овқатланишдан) аввал Аллоҳнинг исми зикр этилса, охирида Аллоҳга ҳамд айтилса, таомга узатиладиган қўллар кўп ва таом ҳалолдан бўлса, комил саналади.
(Имом Термизий ривояти)
Манба: "Шамоили Муҳаммадийя"

Присоединяйтесь — мы покажем вам много интересного
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев